Владелец Алина Число скачиваний: 258
Холиёров Ўрал Менглиевич
Узбекистан, Термез
Ўзбек тилида киноянинг ифодаланиш имкониятлари жуда кенг бўлиб, фақат тил воситалари билангина чекланмайди. Чунки сўзловчи кинояни турли мақсад ва вазиятларда қўллайди. Маънонинг ифодаланиши нутқ вазияти ва шароитига кўра воситаларнинг имкониятларига мослашади. Айрим воситалар маънони очиқ ўзаро эркин мулоқот шароитида ифодалайолса, айримлари ёпиқ ва зимдан ифодалаш учун хосланган бўлади. “Сўз ёки гап нутқ контекстида ўзининг одатланилган қўлланишларига зид равишда кишида шубҳа уйғотадиган кулгили ва “эгри” маъно касб этади”[2, c.132]. Ана шу кулгили ҳолатни туғдиришда шароит ва воситаларнинг мослашуви жараёни кечади. Айрим ҳолларда тил воситалари мазкур шароит билан тўғридан-тўғри мослаша олса, бошқаларида мослаштирувчи омил сифатида новербал воситалар ҳам юзага чиқади. Баъзан киноянинг “айёрона сукут” сифатида эътироф этилиш ҳолатлари ҳам фикримизга далил бўла олади [1, c.9].