pdf ЭПИК МАҲОРАТ ВА ДОСТОНЧИЛИК ИЖРО ШАКЛЛАРИНИНГ ЎЗГАРА БОРИШИ Популярные

Владелец Число скачиваний: 214

Очилов Н.К. - филология фанлари номзоди

Ўзбекистон Республикаси,

Қарши давлат университети

Бахшичилик ўзбек халқининг қадимий санъат турларидан бири бўлиб, у профессионал ижро билан боғлиқ маҳоратни талаб қилади. Бахшилар эпик репертуарининг асосини терма ва достонлар ташкил этиб, у махсус тайёргарликда устознинг шогирдга достон куйлаш сирларини оғзаки ўргатиши асосида амалга ошади. Шу боисдан ҳам бахшичилик санъатида устоз ва шогирд, бахши шахси ва унинг достон ижроси, анъана ва бадиҳа, жамоа ва индивидуал ижод, соз ва сўзнинг бадиий таъсир кучига эътибор каби масалалар муҳим аҳамият касб этади. Ўзбек халқ бахшиларининг эпик хотира ва билим даражаси ниҳоятда кенглиги ҳамда кўплаб насрий ва назмий мисралардан иборат достон матнларини ўзлаштириб, оғзаки асосда авлодларга ўтказа олганлиги “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Рустамхон”дек монументал достонларнинг етиб келишига сабаб бўлди. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Ислом шоир, Умир шоир, Юсуф Ўтаган ўғли, Раҳматулла Юсуф ўғли, Қодир бахшилардан кўплаб анъанавий достон намуналарининг ёзиб олинганлиги ва илмий-назарий асосда таҳлил қилинганлигининг ўзиёқ ўзбек халқ достонлари катта уч гуруҳ: қаҳрамонлик, романик ҳамда тарихий достонлардан иборат эканлигини кўрсатди.